
Юртимизнинг ҳар қарич ери олтинга тенг. Унинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилолдек тиниқ ва шифобахш сувлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Мана шундай бетакрор гўзалликни асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни бутун дунё бўйлаб ҳар йили кенг нишонланади. Ушбу кунда барча халқлар бирлашиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, она-еримизни асраб қолишга ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш имконига эга бўлади.
Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан «Ботаника санаторийси» МЧЖда 2021 йил 8 июн куни Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент вилояти Қибрай туман Кенгаши билан ҳамкорликда «Табиат учун бирлашайлик» шиори остида дам олувчилар ўртасида экологик маданиятни ошириш мақсадида беллашув ўтказилди.
Беллашувда икки жамоа “Табиат” ва “Экология” жамоаларига экологияга оид саволлар берилди, табианти асраш бўйича экологик белгилар каби қизиқарли шартлар бажарилди. Жамоада турли соҳа вакиллари ўқитувчилар, шифокорлар, тадбиркорлар иштирок этишди. Ҳар бир иштирокчи экологияга оид билим ва иқтидорини намоён этди. Атроф муҳитни асраш, табиий ресурслар ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот оламидан оқилона фойдаланиш, ҳавони ифлослантирмаслик юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Беллашув якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиатда ҳатто бир гиёҳнинг йўқолиши ҳам яшил оламнинг мувозанати бузилишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас экан. Шунда экан, миллий бойлигимизнинг бир бўлаги бўлган табиат неъматларини асраб авайлайлик!




